ICHIMDAGI ICHIMDADIR
Mastura Abduraim
2026-yil 11-fevral

"ИЧИМДАГИ ИЧИМДАДИР"
(Эссе)
Тонгни севаман. Назаримда, бу оламда субҳидам каби тоза ва тиниқ, ғуборсиз, сокин ҳамда сурурли вақтлар аро олтин чизги топилмайди. Қодир Эгам тун зулматини сидириб олиб, айни тонг нафасини йўллайдиган бундайин сарафроз паллада кўзлар, қулоқлар, мия, юрак, ўпкадан тортиб, ҳар бир ҳужайрамизгача қайта юкланиб, янгитдан ишга туша бошлагандек туюлади: осмонда милт-милт қилганича, бирин-кетин сўнаётган олис юлдузлар, осмон атай пастлаб тақдим этаётгандек яқин кўринади. Фикринг тиниқ, юрак сокин ва бир маромда уради, ўпкаларингни тўлдириб нафас оласан, тонгга ўзгача кайфият бериб турган хўрозлар қичқириғини ҳисобга олмаганда, ер сайёрасининг гувиллаб бир маромда айланишини ҳам ҳис этасан киши! Олис-яқиндан коинот қадар таралаётган азон овози эса, гўёки елкаларингдан қанот чиқариб, яратган эганг томон йўллаб оралиқ масофани янада яқинлаштириб, ҳузурига элтгучи илоҳий нур чизиб чорлаётгандек туйилади. Беихтиёр, руҳинг пардек енгиллашиб, қалбинг жамики инсоний ҳислатлар билан тўлиб тоша бошлайди ва гарчи, борлиқнинг буюк хашамати, чексизлик маҳобати, ўзингни бир микрозарра эканингни англаб турсангда, сен ҳам ўша илоҳий яралмиш, оламлараро муҳим қисм, оний тафаккурнинг ажиб бўлаги эканингни чуқур ҳис этасан.
Ҳар тонг уйғонар эканман, юқоридаги бетакрор ҳислар руҳиятимга енгиллик, яшамоқ қувватини туҳфа этади. Бутун олам; ҳовлимдаги дарахтлар, гуллар, булутлар, ўт-ўлан, қушлар, қурт-қумурсқа, хуллас, жамики майда тирикликдан тортиб, ҳар бир одамгача беғубор кўрина бошлайди ва ҳар қайсини борича ардоқлайман, меҳр бериб яхши кўраман. Ишонаверинг, бу шунчаки жимжима, баландпарвоз сўзлар эмас, бу балки, ҳар биримизнинг қалбимизда, сониялар ёки дақиқаларга чиқиб келадиган ғайришуурий ҳолатдир. Ишонаманки, бу ҳисни тонг ҳамда борлиқ сукунатини лаҳзаларга бўлсада англаган ҳар бир киши бошидан ўтказган.
Шундай қилиб, қуёш шарқий тоғлар чўққисига нурли қўллари билан тирмаша бошлаган маҳалда кенжа қизим иккимиз ғимирлашиб мактабга тайёргарлик кўра бошлаймиз. "Ойи, қаранг ой ҳали ҳам кетмабди. Ёнидаги анави юлдузни кўрдингизми, бу Меркурий, танишимни сабаби, у айни қуёш чиқар маҳалда кўриниш беради. Ҳу ана кўряпсизми, нисбатан йирик ва ёруғ юлдуз." -Ажойибку!-дейман, мен ҳам осмонга тикилиб, аммо, "Сен қаёқдан билақолдинг, кичкина даҳо!"-деб ҳазил қилишга шошилмайман. Биламанки, қизим эндигина 10 ёшда эканига қарамасдан, коинот, тарих, аниқ ҳамда табиий фанлар, ихтиролар ва буюк ихтирочи олимлар, мутафаккирлар ҳақидаги кўрсатувлар ва китобларни ашаддий ўрганувчисига айланиб улгурган. Вақт топдими ўқийди, тинглайди ва таъсуротлари, тўплаган ажиб маълумот ҳамда тушунчаларини мен билан ўртоқлашади. Ер тескари томонга айланса нима бўларди? Марсда яшаш мумкинми? Нега орбитасида айланаётиб сайёралар тўқнашиб кетмайди? Юлдузлар қандай дунёга келишади? Қора туйнуклар сайёралар, ҳаттоки, қуёшни ҳам ютиб кетиши мумкинми? Умуман олганда, одамзод коинот чексизликларини тасаввур эта олиши, ўзларини ўша чексизликлараро бир муҳим мавжудот этиб ҳис эта олишлари мумкинми? Айтаверсам, қизимни савол-жавоблари ҳам, тасаввур олами ҳам ниҳоя билмайди. Тонгдан суҳбатимиз бошланади. Фикр-мулоҳазаларини эшита туриб, ўн ёшли қизалоқ эмас, юз ёшни уриб қўйган кампиршо билан суҳбатлашаяпман деб ўлаб қоламан. Ҳар куни турли хил мавзудаги саволларни бериши эса, мени тўхтамасдан ўқиб ўрганишга, фарзандимни менга бўлган ишончини сўндирмаслик ва албатта, яна бир муҳим жиҳати она сифатида фарзандим олдида уялиб қолмаслик учун ҳам бетиним ҳаракат этишимга замин яратади деб ўйлайман.
Хилласкалом, бугунги тонг ҳам бўлажак кунимизни ажиб ҳислар билан бошлаб бергани ҳолда, ортидан янгича саволларни ҳам етаклаб келгандек бўлди. Қайноққина қаҳвани ошхона столи устига қўяр эканман, қизим доимгидек суҳбатини бошлади.
-Ойи, бугун жуда қўрқинчли туш кўрибман. Тушимда бутун дунё вайрон бўлганмишу, ҳамма одамлар қаёққадир ғойиб бўлиб, ёлғиз қолган эмишман. Сизни шунчалар кўп қидирдимки, чарчаб йиқилиб қолсам ҳам тополмадим. Охири йиғлайвердим, йиғлайвердим. Уйғониб кетсам ўнгимда ҳам йиғлаётган эканман. Ёлғиз қолиб кетиш бирам қўрқинчли эканки...
Қизимни кўзларига қарамасдан ҳам қўрқув, ҳавотир, ёлғизлик ва яқин инсонни йўқотиб қўйиш кўланкасини кўра олдим, балки ҳис этдим. Сабаби, болалигимда биндайин тушларни кўп маротаба кўрган, айни туғёнларни бошимдан ўтказиб бўлган эдим.
-Ҳавотир олма болажоним, ҳаммаси жойида. Баъзида шу каби тушларни катталар ҳам кўриб туришади. Биз катталар чарчоқ ва ҳавотирдан, сиз болалар яқин инсонингизни йўқотиб қўйиш ҳамда кимсасизликдан ёки бирор касаллик оқибатида шу каби қорамтир ва ҳувиллаган тушларни кўрамиз.
Сўзларимдан кейин қизимни юзидаги ҳавотир анчайин арийди ва сарёғли нон бўлагини тишлаганича экранда намойиш этилаётган тарихий кўрсатув томошасига шўнғийди. Иш ёки ўқишга отланаётган маҳалинг уч карра тезроқ югурадиган вақт оқимига гўёки кўндаланг туриб оламан ва қизимни тезроқ нонушта қилишга ундай бошлайман. Вақт ҳукмронлиги остида бўлсада қизим берилиши керак бўлган саволни беришга улгуради.
-Ойи, тасаввур қилинг, бир кун эрталаб уйғондингиз ва дунёда бир ўзингиз қолганингизни билиб қолдингиз. Тушуняпсизми, ер сайёрасида сиздан бошқа ҳеч ким йўқ! Нима қилардингиз?-дейдида мактабига равона бўлади. Бутун оила аъзоларини иш ва мактабга жўнатиб, уйда ёлғиз қолган мен эса, уйимда эмас, қизим айтганидек ер сайёрасида, балки, бутун борлиқда, оламлараро танҳо қолган яккаю-ягона одам боласидек, ҳовлим ўртасида қаққайганимча, ҳудди кўклам қуёши каби чарақлаб чиқиб келаётган ноябрь қуёши, эндиликда ўзларининг тўшамчисига айланган олтин япроқларига тикилганича маъюс эгилиб турган яланғоч дарахтлар, кўм-кўк осмон ҳамда бироз салқин куз шабадасида самолёт изи каби чўзилиб кетган патсимон булутларга тикилиб тасаввур эта бошлайман. Ёлғизман! Ер куррасида мендан ўзга одамзоти мавжуд эмас. Билмадим улар қаерга йўқолишган, менга қоронғу,(балки урушлар, туганмас жангу-жадаллар оқибатида қирилиб битишгандур, сувсизлик ёки очликдан, янгича эпидемия тўлқинидан ёки бир-бирларини еб битиришгандур, қирилиш сабаблари кўп бўлса!) лекин, бирортаям одам деганини тополмайсан. Ана, сезиб турибман: деворимиз ортидаги катта йўлдан ўтиб-қайтадиган одамлар, мактаб болаларининг ҳам оёқ товушлари, гаприниб суҳбатлашишлари; анчайин олисроқда бўлсада машиналар йўлида гувиллаётган шошқин ҳаракат, маҳалладаги одамларнинг ғала-ғовури, яқин орада жойлашган ҳарбий қисмда ҳар куни чалинадиган огоҳлантирувчи серена товуши, умуман, шаҳар балки бутун оламдан таралиб турадиган завод ва фабрикалар, одамлар шовқини, балки, тириклик товуши эндиликда эшитилмай қолди. Биласизми, аввалига ҳуддики кар-соқов одамдек қулоқларим том битиб, тилим калимага келмай қолди. Тасаввур этганимдек, батамом, ҳеч қандай овозни эшитмай қолдим.Ер куррасидаги якка-ёлғиз кимса эканим, на Ота-Онам, на яқинларим ва на фарзандларим, умуман олганда ўзимдан ўзга одамзоти йўқ экани юрагимни музлатди. Ён-атрофимга алангладим. Куз таровати, жамики табиат ранглари, таниш жисмлар қиёфалари, оёқларим остидаги ердан кўкка қадар чаплашиб, ўз рангларини йўқота бошлади. Барчаси йўқликка айланди. Тонгда ҳис этганим, ер сайёрасининг гувиллаб, сокингина айланиши ҳам таққа тўхтаб қолди, назаримда. Бошимга коинот қадар улкан йўқлик, чек-чегарасиз кимсасизлик қулай бошлади. Қўрқиб кетдим ва ҳовлидан уйимга, тўғрироғи ижодхонамни кўзлаб югурдим. Ижодхонам остонасига қадам қўйибоқ, ортимдан ўз-ўзимни қулфладим.
Ижодхонамда барчаси одатдагидек эди. Ана китобжавонимда севимли китобларим тизилишиб тиришибди. Ноутбугим ҳам ўз ўрнида, доимгидек интизор бўлиб мени кутиб ўтирибди. Стулим қандай туриб кетган бўлсам шундайлигича, озгина ортга чекинган ҳолида, ҳаммадан ҳам кўпроқ кутаётгандек термулиб турибди. Сабаби, тонгда Мовлоно Румий ҳазратларининг "Ичингдаги ичингдадир" (Фийҳи мо фийҳи) китобини мутолаа қилган, вақт огоҳлантирган заҳоти ўрнимдан турасолиб, кичкинамни мактабга тайёрлаш учун ошиққандим. Мана, ҳуддики сониялар олдин ўтирганману, деразадан қараш учундир ёки жавондан китоб олиш мақсадида ўрнимдан туриб, яна лаҳза ўтмасдан стулим ёнига қайтиб келгандекман. Қизиқ, жуда қизиқ, ҳаттоки, ўрним совушга улгурмабди. Румий ҳазратларининг китоби ҳам очиқ ҳолатда турибди. Одатда, мутолаадан чиқаётган пайтим тўхтаган саҳифаларим орасига хатчўп қолдириб ёпиб кетардим. Нимагадир ўзимга ўхшамаётгандекман ё бўлмаса, бошқа бир ижодкор ижодхонасига кириб қолгандекман. Шу орада кимдир шивирлагандек туйилди. Беихтиёр қулоқ тутдим. Жимжитлик, аммо, ҳар бир ташлаган қадамим, болалигимда томоша қилган фантастик кинолардаги баҳайбат маҳлуқникидек гурсиллаб, гувиллаб эшитилмоқда. Олаётган ҳар бир нафасим ўпқон каби, жисмимни ютиб кетаётганга ўхшайди. Бутун вужудим, руҳимни титратаётган юрак зарбалари эндиликда тириклик дақиқаларини эмас, ўлим соатларини сарҳисоб қилаётгандек эди. "Даҳшат!"-дея шивирладим ичимда, ёлғизлик шу қадар улкан қўрқувмидики, у билан юзма-юз келиб талвасага тушиб қолсам?! Нима ўзгарди ахир? Ижодхонамга ёлғизлик истаб қамалиб олмасмидим? Ўша дамларда ўзимни нақадар эркин, бахтли ҳис этмасмидим? Нега унда бугун ҳувиллаяпман, зир-зир титраяпман? Бошига ўлим келган оғир бемордек тилим калимага келмай, кўзларим хиралашяпди! Воажаб, Қодир эгам, шу ёшимгача синовларинга бардошли эдимку, сени мен билан эканингни юракдан ҳис этардимку? Нега энди ўзимни буткул ёлғиз ҳис этмоқдаман, нега ўзимни бунчалар йўқотмоқдаман? Эсладим, бундан анча йиллар олдин ҳам ҳудди шунга ўхшаш ҳолатга тушган эдим. Ўшанда жарроҳлик амалиётига тайёрлашди ва томиримга наркоз дорисини юборишди. Қай маҳал хушимни йўқотганимни эслолмайман, аммо, хушимни йўқотиш ва қайтиш оралиғида бир ажиб, ҳалича бирор марта дуч бўлмаган, ғайришуурий бир ҳолатни ҳис этдимки, ҳамон менга сирларини очган эмас. Ўша лаҳзаларда мен йўқ бўлиб қолган эдим. Йўқ, мавжуд эканимни сезиб турибман, ким ёки нима эканимни англаб етолмаябман. Оппоқ туман ичидаман, ёки умуман йўқликлар оламидаман. Англаяпман, руҳим бору, вужуд йўқ - танам, шаклу-шамойилим мавжуд эмас. Ким эканимни хотирлашга чунонам уриняпманки, фойдасиз. "Кўнишинг керак, балки мослашишинг керакдур бу йўқликка?!"-дейди бир овоз. "Йўқ!"-дейман қатъий овозда,-Мен борман, мен буни биламан, борман! Мавжудман! Эслашим керак, ҳа ким эканимни англашим керак! Ҳозир ҳам ўша ҳолат такрорланди. Ўшанда ўзимга келганимда, бошқа ҳеч қачон бундайин йўқликка дуч келмасам керак деб ўйлагандим. Йўқ, адашибман, ҳолат қайталанди. Мен аста-секин йўқликка сингиб кетмоқдаман. Биргина фарқи бу сафар йўқлик оламига қай тарзда сингиб кетаётганимни кузатиш имкониятига мушарраф бўлдим. Ҳуддики, ижодхонамнинг бир бурчагига жойлашиб олиб, аччиққина қаҳвадан бамайлихотир ҳўплаганимча ўзимни ўзим кузатиб ўтиргандек эдим. Аввалига, ноутбукда нималарнидир ёзиб, у ёқдан бу ёққа бориб келаётган бармоқларим хиралашиб йўқола бошлади. Сингиш то елкамга етгунига қадар, мос тарзда, оёқларимдан бошланган жараён белимгача еб битирди. Бу шундай йўқолишки, на оғриқ на бошқа бир нарсани ҳис этасан, аммо, шу билан бирга жисмоний азобданда кучлироқ нимарса билан юзлашасан. Балки, бу жараён биз жуда ҳам азобли ўтади деб тасаввур этадиган ўлим савдосидан ҳам даҳшатлироқдир!? Аста-секин йўқликка сингиш ва бўлакларни қайта топиш, англаш ҳамда қайтадан йиғилиш ҳодисаси.
Якунда стулим устида муаллақ қолган бошим дайди шамолга рўбару келган кул уйимидек шартта тўзғидида, тутаганича ҳавога сингиб кетди. Мана энди батамом йўқликка юз тутдим; вақтлараро оқим ўзининг одамзоти умри бўйи ҳам санаб тугатолмайдиган аллақанча саноқ улушларидан бир заррачасида икки қиёфа - йўқолувчи ҳамда кузатувчи қиёфаларимни ҳам пинҳон тутиб турди. Бу пайтдаги вақт ҳисоби, мавжудлик ёки мавжуд эмаслик даражаси яратгандан ўзгасига аён эмас, англаб етолмайди, балки, тасаввур қилишга ҳам қодир эмас! Йўқлик оламидан чиқиб кета олишнинг биргина йўли тафаккур этиш ва ўзликни англай олишдир.
Оо, бу ҳаёллар, тасаввурлар олами бунчалар чек-чегарасиз бўлмасая! Мен ўйлаяпман, мен тафаккур этаяпман - демакки, борман! Аммо, мавжудлик моҳиятни тўлиқ очиб беролмайди. Ҳали олдинда коинот қадар улкан тўсиқ, саноқсиз саволлар турибди. Мен кимман? Нима учун дунёга келганман? Вазифам не? Борлигим фақатгина исм ва жисмдан иборатми? Борлиқ маконнинг қай нуқтасидаман? Шаклу-шамойилим зарра кўринишидами? Йўқ, ўзимга берадиган саволларим тугамайди. Қиёфамни топиш учун энг мақбул йўл тасаввурлар оламимга мўралай қоламан. Ўз ўтмиш хотираларимдан барпо бўлган тасаввурлар дунёсини тафтиш этаман:
Ижод столимда "Ичингдаги ичингдадир" китобини тутганимча турибман. Ана, очиқ саҳифада остига қора қаламда чизиб қўйилган сатрлар кўзга чалинди. (Қизиқ, ҳеч қачон китобдаги иқтибос ёки севимли сатрларга чизиб белгилаш одатим йўқ эдику!)
"Агар данакни чақиб, мағизини эксанг, унмайди. Агар қобиғи билан бирга тупроққа қадасанг-чи, униш ҳодисаси юз беради".
Ушбу фалсафий сатрлар тасодифан менга рўбару бўлмагани, сўзлар садафдек тизилишиб руҳ ҳамда жисм мувозанати тўғрисида сўйлаётгани аён бўлади. Данак бу жисм, мағиз эса руҳдир. Одам боласи бирор мақсадига эришмоқ учун ҳар икки асосга суяниши даркор. Ё руҳ ёки жисм томон оғишиб кетмасдан, олтин ўрталиқни танлай билиши лозим дейдилар Мавлоно Румий ҳазратлари. Ахир юқоридаги ҳаётий ҳикоямда ҳам айни ҳолат ўз исботини топмадими? Жисм руҳсиз ҳаракатсиз қолди, руҳ эса вужудсиз ўз шаклу-шамойили, ўзлигини йўқотиб қўйди. Йўқликка гирифтор бўлди. Демакки, биз одамзоти руҳ ҳамда вужуд муштарак экан, бир бутунмиз, мавжудмиз, онгли ҳаракат, юксак тафаккур соҳибларимиз. Аммо, шуниси ҳам борки, шунчаки вужуд ҳамда руҳ жам бўлгани ҳеч нимарсани англатмайди. Олий мақсадлар, гўзал ниятлар рўёби йўқликни ёриб, ўзлари сени излаб келмайди. Аксинча, сен уларни излашинг керак. Зеро, жисм покизалиги руҳ поклиги билан ҳамоҳанг бўлгани ҳолда, фақатгина вужудни тўйдириб, руҳни оч қолдирсанг қандай натижа кўрасан?! Натижа аён, кундан кунга нафси-ҳаввораси ҳакалак отиб, тўнғиздек семираётган жасад (эндиликда жасад), озиқлантирилмаган, оч ва кучсиз, қилтириқ руҳни сиқиб, янчиб ташлайди. Руҳ эса тананинг бир бурчида, тутиб олиниб бармоқлар орасида эзилган капалакдек пачоқлашиб ёпишиб қолади. Агар омон қолган бўлса, ундан учишни кутмай қўяқол, чала ярим ҳаракат қилолса ҳам катта гап! Фалокат олдини олмоқ учун қандай чора кўра оламиз? Румий ҳазратларидан уққаним, назаримда, руҳнинг энг катта душмани нафсдир. (яъни ўзи) Мазкур мавзу ҳаёлимни қамрар экан, кўринмас бармоқларим бирин-кетин шакл олиб, китобнинг мен кеча, балки олдинги кун ўқиб ўтган саҳифаларини қидира бошлайди:
"Дедики: «Онангни нечун ўлдирдинг?»
Деди: «Унга ярашмаган бир ишни кўрдим».
Дедики: «Аммо онангни эмас, етти ёт бегонани ўлдирсанг бўлмасмиди?»
Деди: «Ҳар куни биттадан ўлдирайинми?»"
Ўшанда ўйлаган эдим; "Она ким? Уни нега ўлдирди? Агар онани ўлдирмасдан, бегонани ўлдирса, не сабабдан ҳар куни биттадан одам ўлдириши керак экан?!" Оддий кўз билан қараганда тушунарсиз, шундай эмасми? Қалб, тафаккур нигоҳи билан уқиб кўрсакчи? Албатта, мана энди англаб олдик, Жалолиддин Румий айтган "Она" бу нафсдир.
Нафс нима ўзи, у қаерда бўлади? Биз уни яхши таниймизми?У биз одамзотига душманми? Бу саволларимиз жавобини ўзимиз учун топсак, ўзлигимизни ҳам яхшигина англаган ҳисобланамиз. Чунки, нафснинг араб тилидаги "руҳ", "жон", "ўзликни англаш", "қалб", "инсон", "виждон" маъноларини берувчи кўплаб муқобиллари бор. Нафс ҳақида фикр юритишдан олдин динимиз уламоларидан келтирилган бир сўзни келтириб кетсам мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. Фаришталарга чексиз ақл-заковат, илм тортиқ этилган, нафс ва танлов берилмаган. Улар бутун оламлар илмларини англаб етадилар, аммо, танлаш имкониятлари йўқки, итоат этувчи, бажарувчилардир. Ҳайвонларга эса нафс берилган ва уларга на илм-тафаккур ва танлов (ихтиёр)берилмаган. Шу сабаб улар олдига қўйганни ейишади, онгсиз ҳолатда исталган ишни қилаверишади. (Ҳайвонийлик) Ваниҳоят, инсонларга нафс ҳам, тафаккур, онг, илм ҳам, ихтиёр(танлов)ҳам берилган. Қисқасини айтадиган бўлсак, одам фаришталар ва ҳайвонлар ўртасидаги оралиқ мавжудотдир. Унда фаришталарга берилган илм-тафаккур, ҳайвонларга берилган нафс ҳам берилган. Одамга берилган катта имконияти бу ихтиёр ёки танлаш ҳуқуқи бўлиб, истаса, илму-тафаккури билан фаришталик мақомига чиқсин, истаса, нафсини қўйиб юбориб қаровсиз қолдирсин ва ҳайвонийлик чоҳига қуласин! Инсонийлик чегараларини белгилаб олишимиз учун эса Румий ҳазратларининг нафс ҳақидаги ҳикматларини мағзини чақиб, тафаккур эта олишимиз керак. Нафс деганда барчамизнинг ҳаёлимизга ёмон ишлар, гуноҳларга етакловчи салбий маънодаги ҳою-ҳаваслар, шаҳват ва эҳтирослар келади. Мазкур ҳолатимиз ҳудди танганинг икки томонига ўхшайди. Ҳозирча бир томонига қараб турибмиз, иккинчи томони шуки, нафс ҳам одамзотига ўхшаган бир ҳилқат эканки, тарбия қилсак, тўғри йўлларга етакласак яхшилик; тарбия этмасак, жиловлаб турмасак ёмонлик томонга бурилиб кетади. Яна, нафсимизнинг виждон деб аталувчи бир бўлаги бўладики, у бизни тергаб, ёмон ишлар қилсак, танқид ва маломат қилиб туради. Демак, у биз ўйлаганчалик ёмон нарса эмас эканда! Бир сўз билан айтадиган бўлсак, нафс биз олтин ўрталиқда сақлаб, тутиб туришимиз керак бўлган лаззатни севувчи нарсадир. Юқорида айтганимиздек, уни ўткинчи ҳою-ҳаваслар, ҳирс, шаҳватдан лаззатлантирсак бизни зулматга, яхшиликлар, тоат-ибодат, жамики инсоний фазилатлар билан тўйинтирсак ёруғликка олиб боради. "Инсон гапирувчи ҳайвондир"-дейдилар Румий ҳазратлари. Ҳудди шундай, нафс жиловлай билиб тарбия қилиб, (Румий айтганидек, "она"ни ўлдира олсак, яъни ёмон нафсни ўлдирсак) яхшиликлар, сўзларимиз, амалларимиз билан руҳиятимиздаги ҳайвонийликни енга олсаккина, "гапирувчи ҳайвон"дан ҳазрати инсонга айлана оламиз. Атрофимиздаги одамларни ҳам "ҳар куни биттадан ўлдиришимиз"га ҳожат қолмайди.
Шундайин ожизона, балки денгиздан бир томчи фикрларим ҳам тасаввурлар оламимда айлана-айлана ижодхонадаги ўзимни топиб борди ва йўқликдан узиб олинган бармоқларимдан то елкаларимгача, оёқларимдан белимгача кўриниш берди. Хонам бурчагида мени кузатиб турган ўзим ҳам анчайин тиниқлашиб, разм солиб қарай бошлади.(Йўқолиш жараёни икки қиёфага ҳам таъсир этаркан, гарчи тасаввуримда барпо этган бўлсамда) Кузатувчи қиёфамнинг тиниқлашган танаси билан бирга том битиб қолган қулоқлари ҳам ўз ишига қайтди шекилли, очиқ деразамдан илиққина ноябрьнинг майин шамоли шивирлади ва пардани секин кўтариб, ярим-чала танам эгилиб турган китобимни саҳифаларини варақлади. Кузатувчи мамнунлик билан жилмайди. Қўлидаги финжонни стол бурчагига қўйиб, китобга энгашди:
Румий ҳазратлари шундай дейди: «Ривоят қиладиларки, бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илму нужумдан дарс беришибди. Шоҳ ўғли бутунлай аҳмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатилган нарсаларни пухта эгаллаб олибди. Кунлардан бир кун подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлига «Бунда не бор?» дебди. Бола «Қўлингдаги думалоқ, сариқ ва ичи бўш нарсадир» дегач, ҳукмдор ҳайратда қолиб «Аломатларини тўғри айтдинг, исмини айт» деб буюрибди. Ўғил «Ғалвир бўлса керак» деб жавоб беради. Подшоҳ «Олган таҳсилинг шарофати билан мени ҳайрон этиб аломат — белгиларни аниқ айтинг-у, аммо ғалвирнинг ҳовучга сиғмаслигига қандай қилиб фаросатинг етмади?» деди афсус чекиб."
"Худди шундай, — деб давом этади Румий ҳазратлари — замонамиз олимлари ҳам қилни қирқ ёрадилар, ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар, аммо ўта муҳим, ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганни, яъни ўзларини билмайдилар. Ҳамма нарсадан яқин бўлган борлиқ бу — уларнинг менлиги".
Ҳа, ўзлик бу ичимиздаги "мен"имиздир. Ўша менимизни тушуниб етмас, англамас эканмиз, ҳеч кимга айланамиз. Англаш бу, таъбир жоиз бўлса кенг қамровли ва кўп тармоқли тушунча, назаримда. Юқорида келтирилган ривоятда айтилгани каби, биз ўзимиздан бошқа ҳаммани биламиз. Улар ҳақида гапирамиз, ақлли фикрлар билдирамиз, истасак, ҳудди ичига кириб чиққандек, устидан ҳукм ҳам чиқариб қўямиз. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ўзимиздан хабаримиз йўқ, ўзимизни билмаймиз. Балки, озмунча билармиз ҳам, лекин, баъзида ошкор бўлсак одамлар маломат қилишидан қўрқиб ёки нуқсон, яъни айбларимизни тан олсак нафсимиз кибридан мосуво бўлиб қоладегандек туйилиб, ўзимизни тан олмаймиз. Ахир, ўз айбингни тан олмаслик, бу ўзингни тан олмаслик эмасми? Яна дейдиларки: "Инсон Тангрининг устурлабидир (телескопидир – тарж.) Фақат бу устурлабни биладиган мунажжим лозим. Деҳқон ёки баққолнинг устурлаби бўлгани билан уни ишлатолмагандан кейин нима фойдаси бор? Улар устурлабда кўринган фалаклар аҳволидан, ҳаракатларидан, буржларнинг ўзгаришлари–ю таъсирларидан нимани ҳам тушунардилар? Кўринадики, устурлаб мунажжим учун фойдалидир. Чунки «Ўзини билган Худосини ҳам билади» (Ҳадис). Шу нуқтаи назардан, устурлаб фалакнинг қандай кўзгуси бўлса, инсон вужуди ҳам Оллоҳнинг шундай устурлабидир. Чунки Қуръонда инсон тўғрисида: «Биз Одам ўғилларини азиз қилдик» дея буюрилган."
Демакким, ўзликни англамоқ Яратганни англамоқ, оламни, борлиқни англамоқ бўлиб, очиқ кўзларимиз (қалб кўзи) яъни "устурлаб"ни созлаб кўра олмоғимиз учун "мунажжим"- англай олувчи, фикловчи, тафаккур этувчи ҳазрати инсон бўлишимиз даркор.
Китобим, яъни менинг, бизнинг, сизнинг, унинг китоби бўлмиш "Ичингдаги ичингдадир" тўхтовсиз варақлана бошлади. Унинг саҳифаларини чексиз ишонч, туганмас ихлос, меҳр-муҳаббат билан мутолаа қилаётган, варақлаётган миллионлаб бармоқлар, одамдан инсонийликка, ўз қиёфаларига дўнаётган турфа хил миллат ва элатлар, ҳар хил динга, эътиқод, ирққа мансуб бўлишсада китоб атрофида тўпланаётган жамулжам одамзод ҳалқини, инсонлар оломонини кўрдим. Эндиликда бор сурати ҳамда сийрати билан тикланиб олган танам ҳам китобнинг навбатдаги саҳифаларини тез-тез очар, ҳуддики ёруғлик тезлигида мутолаа қиларди. Ижодхонамга бутун олам, еру-кўк сиғишиб кетгандек эди. Ичимдаги кимдир: "Мен ҳаммасини кўряпман, мен ҳаммасини эшитяпман, мен барчасини англаяпман!"- дерди. Ортидан Отамнинг, бир вақтлар мен берган саволга: "Ёмонга ёмонлик билан жавоб қайтарсак, дунёда яхши одам қоладими? Яхшилик одам танламайди!"-деган овози келди. Кейин эса Онамнинг ишонч билан: "Яхшилик қилаверсанг, дуноёдаги энг разил одам ҳам бир куни келиб тушуниб етади ва яхшига айланади."-дедилар.(Тўғрисини айтсам, мен бу гапларга қўшилмайман) Уларни эшитибоқ, ўзимга кела бошладим. Алангладим, "Йўқ, бундай эмас, одамлар ўзгармайдилар!"-дегим келди. Ичимда айтилган гаплар ҳам Ота-Онамга етиб борди. Ҳайратландим. "Нега ишонмайсан, ахир Румийни ўқиб турубсанку!"-деган овозлари эшитилиши билан дарвоза қўнғироғи қулоғимга чалинди. Ижодхонам калитини бураб ўзимни озод этдим ва ҳовли бурчагига, яъни дарвоза томонга аста-секин қадам босдим. Қулоқ тутдим, бирор одамзотининг шарпаси эшитилмайди. Сезаётганим; ноябрь қуёши ҳамон чарақлаб турар, илиққина қўллари билан увишиб қолган елкаларимни сийпаларди. Дарахтлар шивир-шивир япроқларини сочиб, қушчалар маъюс қўшиқларида жўр бўлишарди. "Ўзинга шукр, ёлғиз эмасман, қизим мактабдан қайтди"-деб ўйлашим баробарида дарвозани ҳам очдим. Не ҳайратки, "Ичингдаги ичингдадир"ни кўксига босганича ўзим турибман. У жилмайиб китобни тутқаздида, кўз ўнгимда, гуёки китоб орқали қўлларимдан ўтиб, танамга сингиб кетди. Анграйганимча қолдим. Биласизми нимадан ўзимга келдим? Яна ўша одамлар, завод ва фабрикалар, машиналар, ҳаёт, тириклик, борлиқ ва елкамдан туртиб силкитаётган қизчамнинг овозидан уйғондим. "Ойи, ухлаб қолибсизку, ёзаман деган нарсангизни ёзиб тугатдингизми? Ичида сен ҳам борсан, тугатсам ўқиб бераман дегандингиз?"-деди ноутбугим экранига назар ташлаб олганича.
-Тугатдим болам, тугатдим. У ерда ҳаммамиз бормиз. Саволинга ҳам жавоб топдим. Барчамиз бир-биримизни яхши кўрсак ҳечам ёлғиз қолмас эканмиз.
Қизим елкаларимга осилиб қулоғимга шивирлади:
-Мен сизни жуда яхши кўраман Ойижон..!
...Дарвоза қўнғироғи чалинди. Румий ҳазратларининг китобини авайлаб китобжавонга қўйдим ва ижодхонам калтини бурадим...
Тамом. 21/11/2025.
Мастура Абдураим.